18-21 август кунлари Самарқанддаги “Ипак йўли” халқаро туризм марказида спортнинг триатлон тури бўйича ҳарбийлар ўртасида 25-жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.

Халқаро ҳарбий спорт Кенгаши (CISM), Мудофаа вазирлиги, Спорт вазирлиги, Миллий олимпиа қўмитаси, Ўзбекистон триатлон федерацияси ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилаётган нуфузли мусобақа Ўзбекистонда илк бор ўтказилмоқда.

Унда дунёнинг 13 та (Ўзбекистон, Белгия, Канада, Испания, Франция, Германия, Словения, Швейцария, Қатар, Россия, Эрон, Португалия, Қозоғистон) мамлакатидан келган 120 нафар спортчи иштирок этиши кутиляпти.

Баҳслар 3 та тоифада - яккалик, жамоавий (MIX) ва ёши катталар (SENIOR) ўртасида бўлиб ўтади. Спортчилар очиқ сув ҳавзасида 750 метрга сузиш, 19 километр  велопойга ҳамда 5 километр масофага югуриш мусобақаларида иштирок этади.

Чемпионатни халқаро даражадаги ҳакамлар кузатиб боришади ва замонавий электрон вақт ўлчов тизимларини қўллаган ҳолда натижаларни тезкор ва адолатли эълон қилиб боришади.

Жаҳон чемпионатида Халқаро ҳарбий спорт кенгаши (CISM)  Бош котиби Роберто Реччия мусобақанинг расмий меҳмони сифатида иштирок этиши кутилмоқда.

Мусобақада 8 нафар Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси   (яккаликда 4 нафар эркак ва 4 нафар аёл ҳамда гуруҳ баҳсларида 2 нафар эркак ва 2 нафар аёл спортчи) қатнашади.

Айтиш жоизки, халқаро ҳарбий спорт Кенгаши (CISM) томонидан спортнинг таритлон тури бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатларида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги терма жамоаси тўрт марта иштирок этиб, совринли ўринлари қўлга киритган.

Мусобақада иштирок этиш учун юртимизга келган Қатар, Белгия, Канада, Испания, Франция, Словения, Швейцария, Эрон, Португалия давлатларининг ҳарбий спортчилари Мудофаа вазирлиги масъуллари, чемпионатни ўтказишда бевосита ҳамкорлик қилаётган вазирлик ва идоралар вакиллари томонидан Самарқанд халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.

Айни пайтда жаҳон чемпионатида иштирок этувчилар кўҳна кентга келишда давом этмоқда.